ЗАЛОГОВЫЙ РЕЕСТР РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Отчет о деятельности Государственного унитарного предприятия «Залоговый реестр» при Центральном банке Республики Узбекистан за 2016 год
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 июндаги “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 155-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2014 йил 14 июндаги 16-А/3-сонли қарорига асосан ташкил этилган.
“Гаров реестри” давлат унитар корхонаси ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар Миробод тумани Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан 2014 йил 23 июнда давлат рўйхатидан ўтказилганбўлиб, юридик шахс мақомига эга.
“Гаров реестри” давлат унитар корхонаси Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 6-уйда фаолият кўрсатмоқда.
2016 йил давомида “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси томонидан гаров реестрининг “garov.uz” домен номи билан Интернет тармоғи орқали узлуксиз кеча-кундуз фаолият юритилиши таъминланди.
“Гаров реестри” давлат унитар корхонаси томонидан ҳисобот йили фаолияти давомида:
- мурожаат этган ҳар бир юридик ёки жисмоний шахс билан тузиладиган шартнома асосида ёзув киритиш учун гаров реестрига кириш, шунингдек ундан реал вақт режимида, шу жумладан, Интернет ахборот тармоғи орқали фойдаланиш имконияти таъминланди;
- юридик ва жисмоний шахсларга гаров реестридан фойдаланиш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатилди;
- мурожаат этган юридик ва жисмоний шахсларга гаров реестрига ёзув киритиш афзалликлари тушунтирилди;
- гаров реестридаги ахборотни қарздор - солиқ тўловчининг идентификация рақами, ёзувнинг ягона рўйхатдан ўтказиш рақами бўйича излаш имконияти яратилди;
- фойдаланувчиларга киритилган ёзув тўғрисида ахборот тақдим этилди.
Бугунги кунда, барча тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар, шунингдек бошқа корхоналар ва ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар гаров реестри хизматларидан фойдаланишмоқда.
Хусусан, 27 та тижорат банклари, 29 та микрокредит ташкилотлари, 47 та ломбардлар, 3 та лизинг компаниялари, 9 та бошқа корхона ва ташкилотлар ҳамда 37 жисмоний шахслар гаров реестрида ўз шахсий кабинетларига эга.
2016 йилда 27 та фойдаланувчилар гаров реестридан рўйхатдан ўтказилиб, уларга шахсий кабинет очилди.
Ҳисобот йилида фойдаланувчилар томонидан гаров реестрига 106,0 мингдан зиёд ёзувлар киритилган ва ёзувларга 19,0 мингдан ортиқ ўзгартиришлар киритилган ҳамда гаров мажбуриятлари бажарилгандан сўнг 28,0 мингга яқин ёзувлар гаров реестридан чиқарилган. Шунингдек, фойдаланувчиларга ёзувлар бўйича гаров реестридан 800 га яқин кўчирмалар тақдим этилди.
Натижада, 2016 йил давомида гаров реестрига 113,0 мингдан ортиқ таъминот сифатида қабул қилинган мол-мулкларга нисбатан кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисида ёзувлар киритилди.
Гаров реестри ташкил этилгандан буён жами 375,0 мингдан ортиқ ёзувлар киритилган бўлса, шундан 359,0 мингга яқини ёки 95,5 фоизи тижорат банклари томонидан ва 16,0 мингтаси ёки 4,3 фоизи микрокредит ташкилотлар томонидан киритилган.
Ўзбекистон гаров реестрини илғор халқаро тажрибалар асосида ривожлантириш мақсадида 2015 йил 23 сентябрда Халқаро молия корпорацияси билан тузилган Ҳамкорлик келишуви доирасида ўтган йили гаров реестрини халқаро тажрибалар асосида янада ривожлантириш юзасидан гаров реестридан фойдаланувчиларга тренинг-семинарлар ташкил этилди, шунингдек ресубликада гаров реестри фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш борасида ишлар олиб борилди.
Хусусан, ҳамкорлик келишувига асосан Халқаро молия корпорациясининг гаров реестри бўйича халқаро экспертлари 2016 йилда Ўзбекистонгаикки маротаба ташриф буюрди.
Ташрифлар давомида Халқаро молия корпорациясининг гаров реестри бўйича халқаро экспертлари томонидан гаров реестрининг фойдаланувчилари, жумладан тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари, бошқа молия муассасалари, солиқ, божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш давлат органлари ҳамда “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси ходимлари ва гаров реестрининг дастурий платформасини ишлаб чиқувчи тегишли мутахассисларга амалий семинарлар ташкил этилди, гаров реестрини ривожлантириш бўйича ўз таклифларини берди.
Шу билан бирга, “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси томонидан Марказий банк ходимлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг ““Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2014 йил 12 июндаги 155-сонли қарори мазмун-моҳиятини жойларда тушунтириш ва гаров реестридан фойдаланишнинг қулайлик ва афзалликлари тарғиб қилиш мақсадида 2016 йилнинг апрель-сентябрь ойларида Республиканинг барча ҳудудларида тижорат банклари ва уларнинг филиаллари, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ҳамда бошқа манфаатдор ташкилот ва корхоналар, шунингдек жисмоний шахслар учун семинарлар ўтказилди.
Бундан ташқари, Халқаро молия корпорациясининг тавсиялари ҳамда гаров реестри фойдаланувчиларининг таклифлари асосида ишлаб чиқилган гаров реестри дастурий платформасининг янги версиясида тегишли хавфсизлик чораларини қўллаб тижорат банкларининг ички операциялар тизимини банк телекоммуникация тармоғи орқали гаров реестри базасига улаган ҳолда гаров реестрига ёзувларни киритиш ва бошқа хизматлардан фойдаланиш йўлга қўйилди.
“Гаров реестри” давлат унитар корхонаси томонидан 2017 йил давомида гаров реестри фаолиятини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилиши режалаштирилаётган асосий вазифалар қуйидагилар ҳисобланади:
- гаров реестри фойдаланувчиларига ёзувларни киритиш ва гаров реестри билан ишлаш бўйича қулайликларни янада ошириш юзасидан дастурий таъминотлар яратилишини таъминлаш;
- жисмоний шахслар учун гаров реестридан фойдаланишни янада қулайлик яратиш мақсадида “Биллинг” тизимини жорий этиш;
- гаров реестрининг афзалликлари ва имтиёзларини тарғиб қилиш ҳамда гаров реестри бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида, шу жумладан бевосита фойдаланувчилар учун семинарлар ташкил этиш.