ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ГАРОВ РЕЕСТРИ
Гаров нарсасига нималар киради?
Ўзбекистон Республикасининг «Гаров тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддасига асосан ҳар қандай мол-мулк (корхона, бино, иншоот, жиҳоз, бошқа ишлаб чиқариш жамламалари, маҳсулотлар, қимматбаҳо қоғозлар, пул маблағлари ва ҳоказо), шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.
Гаров тўғрисидаги шартномада, қонун асосида вужудга келадиган гаровга нисбатан эса қонунда гаровга қўювчи келгусида қўлга киритадиган ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар гарови назарда тутилиши мумкин.
Агар шартномада ёки қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мол-мулкка нисбатан гаров ҳуқуқи мол-мулкнинг нарсаларини ва таркибий самарасини ҳам ўз ичига олади. Гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган самара, маҳсулот ва даромадларга нисбатан гаров ҳуқуқи шартномада назарда тутилган ҳолларда татбиқ этилади.
Тарихий, маданий ёки ўзгача қимматбаҳолиги туфайли ёхуд давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан гаров қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади.
Ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган фуқароларнинг айрим турдаги мол-мулкини гаровга қўйиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ман этилиши ёки чекланиши мумкин.