Гаров реестрининг кредитор учун қандай афзалликлари бор?

Афзалликлардан, энг аввало, Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддаси билан кредиторларнинг ундирувни гаров нарсасига қаратиш бўйича ҳуқуқлар аниқ белгилаб қўйилганлигини таъкидлаш лозим.

Яъни, мазкур қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гаров реестрига ёзувни киритиш вақти ва санаси кредиторнинг қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда бошқа кредиторлар ва учинчи шахслардан олдин ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишга, бошқа талабларни қаноатлантиришга бўлган навбатини, имтиёзли ҳуқуқини аниқлаш учун асос бўлади.

Бундан ташқари, кредитор гаров реестри базасидан таъминот сифатида қабул қилинаётган мол-мулк (актив, ҳуқуқ) гаров сифатида фойдаланилаётганлиги тўғрисидаги ахборотни қисқа муддатда олиш имкониятига эга бўлади.

Маълумки, 2019 йил 22 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуниқабул қилинди ва унга муқофиқ 11 та қонун ҳужжатига таъминот муносабатларида кредиторларнинг қарздор мулкига бўлган ҳуқуқларини устиворлиги, таъминот ҳисобиданталабларни қондиришва бунда гаров реестрига ёзув киритган кредиторлар бир қатор имтиёзларга эга бўлиши белгиланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кредиторларнинг талабини қаноатлантириш навбати улар томонидан гаров реестрига тегишли мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувларни киритишнинг хронологик тартибига (вақти ва санасига) мувофиқ аниқланиши, бунда кредиторларнинг ҳар бир кейинги навбатдаги талаблари  олдинги навбатдаги кредиторларнинг талабларидан сўнг қаноатлантирилиши белгилаб қўйилди.

Мол-мулкка бўлган ўз ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестрига киритмаган кредиторларнинг талаблари мазкур мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестрига киритган кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилгандан кейин ушбу мол-мулкнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда, бундай ҳуқуқлар юзага келишининг календарь навбатига мувофиқ қаноатлантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддасига мол-мулкни хатлаш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин суриштирувчи ёки терговчи гаров реестрига бир кун ичида тегишли ёзувни киритиши, мол-мулкни хатлаш ҳақида суд ажрими чиқарилгандан кейин эса қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли бўлган органлар томонидан уч сутка ичида шундай ёзув киритиши тўғрисида қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси 348-моддасига божхона тўловлари бўйича қарздорликлар белгиланган муддатда қопланмаган тақдирда ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратиладиган миқдордаги божхона тўловлари бўйича қарзнинг суммасини кўрсатган ҳолда гаров реестрига ёзув киритилиши, шунингдек ёзув қарздорлик тўлиқ қопланганидан ёки ҳисобдан чиқарилганидан кейин гаров реестридан ўчирилиши белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Гаров тўғрисида»ги Қонунига агар олдинги гаров шартномаларида навбатдаги гаров тақиқланмаган ҳамда олдинги гаровга олувчилар томонидан гаров реестрига тегишли ёзув киритилган бўлса, гаровга қўйилган мол-мулк бир вақтнинг ўзида бошқа талабларни таъминлаш учун навбатдаги гаровга берилиши мумкинлиги тўғрисида ўзгартиришлар киритилган.

Бунда, гаровга берувчи гаровга олувчиларнинг ҳар бирига мазкур мол-мулкнинг барча мавжуд гаровлари тўғрисида, шунингдек ушбу гаровлар билан таъминланган мажбуриятларнинг миқдори ҳақида хабар бериши шарт ҳамда бу мажбуриятлар бажарилмаганлиги туфайли гаровга олувчиларга етказилган зарарлар учун жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикасиниг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига ҳам ўзгартириш киритилиб, унда “мол-мулк хатловини амалга оширган давлат ижрочиси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гаров реестрига тегишли ёзувни киритиши, хатлов бекор қилинган тақдирда гаров реестрига илгари киритилган ёзув давлат ижрочиси томонидан ўчирилиши ҳам белгилаб қўйилди”.

Қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартиришлар гаров муносабатларида гаров мулкига бўлган кредиторлар талабларини қондириш имкониятларини ошириш билан биргаликда кредиторларнинг таваккалчилигини пасайишига ҳамда тадбиркорлик субъектларини мулк гарови остида кредитлаш имконияти кенгайишига ва кредитлаш жараёнини тезлашишига хизмат қилади.