Гаров реестрига ёзув киритишда “Қарздор”га тушунча беринг (яъни “қарздор” қарз олувчими ёки мажбуриятлар бажарилишини таъминловчи мол-мулк эгасими)?

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига асосан қарздор - кредитор фойдасига мол-мулкни бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пулни тўлаш ёки бузилиши кредиторнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида қарздор бериб қўйган мол-мулкка ундирувни қаратишга бўлган имтиёзли ҳуқуқи юзага келишига сабаб бўладиган бошқа мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ ҳаракатни содир этиши шарт бўлган юридик ёки жисмоний шахс эканлиги белгиланган.

Шунга мувофиқ, мажбуриятларни таъминлаш учун олинган мол-мулк эгаси “қарздор” сифатида эътироф этилиб, гаров реестрига ёзув киритишда “Қарздор тўғрисидаги маълумотлар” ойнасида мол-мулк эгаси тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Мисол учун, “А” шахснинг мажбуриятини таъминлаш учун “В” шахсга тегишли бўлган мол-мулклар бериб қўйилган. Бунда гаров реестрига ёзув киритишда “Қарздор тўғрисидаги маълумотлар” ойнасида “В” шахс тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Шунингдек, “Мулк тавсифи” ойнасида фақатгина “В” шахсга тегишли (мажбуриятларни таъминлаш учун олинган) мол-мулклар тавсифи келтирилади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, бир шахснинг мажбуриятларини таъминлаш учун бир-нечта шахсларнинг мол-мулклари бериб қўйилганда гаров реестрига ҳар бир мол-мулк эгаси бўйича алоҳида ёзув киритилади.