Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги "Гаров реестри" ДУК ташкил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 июндаги 155-сонли қарорига асосан Республика Марказий банки ҳузурида "Гаров реестри" давлат унитар кохонасини ташкил қилиш таклифи мақулланди. 

"Гаров реестри" ДУК ҳимояланган боғланиш протоколини қўллаган ҳолда Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида маълумотларнинг ягона электрон ахборот базаси сифатида гаров реестрини юритади.

Қарор билан Гаров реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, 2014 йил 1 июлда "Гаров реестри тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кириши билан ушбу низом жорий қилинади. Ушбу Низом гаров реестрига ёзувларни киритиш, уларни ўзгартириш ва чиқариб ташлаш, шунингдек гаров реестридаги ёзувларни излаш шартлари ва тартибини белгилайди.

Гаров реестридан ёзувларни излашга чекловларсиз барча шахслар ҳақлидир. Бунда гаров реестрининг қолган функцияларига киришга, шу жумладан излаш натижаларига кўра гаров реестридан кўчирма беришга рухсат ушбу Низомга мувофиқ рўйхатдан ўтказиш ва авторизация тартиботидан ўтган шахсларга берилади.

Гаров реестри давлат тилида юритилади. Шунингдек рус ва инглиз тилларида гаров реестрини юритишга рухсат берилади.

Гаров реестрига кириш гаров реестридаги ёзувни излаш функциясидан ташқари фақат фойдаланувчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Фойдаланувчи фақат битта шахсий кабинетга эга бўлиши мумкин. Шахсий кабинетни яратиш учун фойдаланувчи томонидан гаров реестри сайтига электрон ариза берилади.

Гаров реестрига ёзувларни киритиш ва гаров реестридан излаш натижалари бўйича кўчирмалар олиш қонун ҳужжатларига мувофиқ пулли асосда амалга оширилади.

 

Хизматлар тури

Тўлов миқдори

гаров реестрига ёзув киритиш учун жисмоний ва юридик шахслардан

ЭКОИХнинг 20%

гаров реестридан кўчирма бериш учун жисмоний ва юридик шахслардан

ЭКОИХнинг 10%

 

Жисмоний шахслар бевосита реестрда ёзувни рўйхатдан ўтказиш ёки кўчирмалар беришга қадар ўз тўлов карталари воситасида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган тўловларнинг бошқа турлари орқали тўловларни амалга оширадилар.

Юридик шахслар гаров реестрига ёзув киритилган ва кўчирмалар олинган ой мобайнида ушбу ой тугагандан кейин ўн кун мобайнида тўловларни амалга оширадилар. Юридик шахслар томонидан ўз вақтида тегишли тўловлар амалга оширилмаган тақдирда "Гаров реестри" ДУК улар учун келгусида ёзувлар киритиш ва кўчирмалар олиш учун ҳисоб-китобларнинг олдиндан тўлаш тартибини белгилашга ҳақлидир.

Тергов ва дастлабки тергов органлари, давлат солиқ ва божхона хизмати органлари томонидан гаров реестрига ёзувлар киритиш, шунингдек уларга гаров реестридан кўчирмалар бериш бепул асосда амалга оширилади.

Низомга мувофиқ, "Гаров реестри" ДУК барча ёзувлар, шу жумладан уларни киритиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тўғрисидаги ёзувлар ёзувлар гаров реестридан чиқариб ташлангандан кейин беш йил мобайнида сақланишини таъминлайди.

Шунингдек, "Гаров реестри" ДУК фаолияти натижалари тўғрисидаги йиллик ҳисобот ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майидан кечикмасдан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозимлиги ўрнатилган.